– Сен учун жонимни ҳам беришга тайёрман (хиёнаткор эр).
– Муҳими ташқимас, ички гўзаллик, жоним (учрашувга чиққан кўримсиз йигит).
– Мен буни билардим (талабанинг саволига жавоб беролмаган домла).
– Сендан бошқа ҳеч кимга қиё ҳам боқмаганман (уйланаётган йигит).
– Э-э-э. Хуш келдингиз! Мен ҳам ҳозир сизни ўйлаб, йўлга тушаётган эдим (қарздор кишининг қарзини сўраб келганга айтган гапи).
– Бир мартада ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди (дорихонада).
– Эртага келинг, тайёр бўлади (пора сўрашдан «тортинаётган» амалдор).
– Бу укол ҳеч ҳам оғритмайди (укол қилаётган шифокор).
– Ҳозир ўзим сенга телефон қилмоқчи эдим.
– Бу ерда таниш-билиш кетмайди (жиянини юқори лавозимга тавсия қилаётган раҳбар).
– Кириш мумкин эмас деган белгини кўрмай қолибман (ЙПХ ходими тўхтатган ҳайдовчи).
– Мен ўтаётганда яшил чироқ ёниб турганди (қизилдан ўтиб, «қўлга тушган» ҳайдовчи).
– Жуда хафа бўлдим... Кечаси билан ухлай олмай чиқдим (бошига оғир ташвиш тушган аёлнинг дугонаси).
– Бизни ҳам чақиришганди, боролмаймиз. Сизлар кетаверинглар (меҳмонга чақирилмаган киши).
– Бизнинг қизимизга кимлар талабгор бўлмади, дейсиз (қизнинг онасининг совчиларга айтган гапи).
– Ҳаммага бир хил тақсимланар эди (собиқ коммунистнинг болаларига берган «ўгити»).
– Сиз менинг кўз очиб кўрган акамсиз (қарз сўраётган киши).
– Ғийбат эмас-у, аслида ўзи шунақа (ғийбатчи).
– Орқасидан эмас, ҳозир бўлганида бу гапни юзига ҳам айтган бўлардим (раҳбаридан шикоят қилаётган ходим).
– Билсам айтмасмидим, ука (терговда жавоб бераётган киши).
– Нима деяпсиз, ахир бу сир-ку, бировга чурқ этсам жоним чиқсин (оғзи бўш дугона).
– Йўлда автобус бузилиб қолмаганида, вақтида келган бўлардим (дарсга кеч қолган талаба).
– У менинг жияним бўлади (проректорнинг домлага айтган гапи).
– Ўзим боқиб катта қилганман (мол сотаётган даллол).
– Қўрқманг тоза мол. Ерга тушиб кетса ҳам ҳеч нарса қилмайди.
– Бундан арзонини ҳеч қаердан топа олмайсиз (бозордаги сотувчи).
– Хаёлимда фақат сенсан (анчадан бери қаллиғига телефон қилмаган йигит).
– Бир кийиб юриб кўрсангиз, «ташлаб» юборади (кичик ўлчамдаги молини харидорга ўтказаётган сотувчи).
– Роса телефон қилдим, ҳечам тушмади.
– Эртага келинг, ҳозир ёнимда йўқ эди (қарз сўраган кишига берилган жавоб).
– Бирортаси ёқмаса, ҳаммасини қайтариб оламан, олмаган номард («брак» молни сотаётган сотувчи).
– Сиз менинг «отам»сиз (ишга энди кираётган ходим).
– Кўтармайди. Бор-йўғи устига 50 сўм қўйганман (бозордаги олиб-сотар).
– Вой-бўй, жуда ҳам ярашибди (янги кўйлак кийган аёлнинг «дугонаси»).
– Ростини айтганда, имтиҳон саволлари жуда ҳам осон эди (домла амакиси ёрдамида беш олган талаба).
– Алло, ада, ҳозир дарс қиляпман (телевизор кўриб ўтирган ўқувчи).
– Билиб туриб қилганим йўқ-ку, ахир!!! (ўғрилик устида қўлга тушган жиноятчи).
– Шу десангиз, мен сизни танимайроқ турибман (иши тушиб келган одамга айтилган сўз).
– Ёлғондан ҳазар қиламан. Умримда бир марта ҳам ёлғон гапирмаганман (ашаддий ёлғончи).
– Алло, фалончихон борми? Кечирасиз, яхши йигит, «адашиб» тушиб қолибман (қўлига текин телефон тушиб қолган шилқим йигит).
– Нега унақа дейсиз, жуда ширин ош бўлибди, биз тўйиб келган эдик («нозиктаъб» меҳмон).
– Дарсингизни жуда яхши кўрамиз-у, бу семестр касалдан бошим чиқмади, рости, бир оз ёрдам қилинг... (имтиҳондан ўтолмаган талаба).
– Ҳозир жуда банд эдим... Йўқ-йўқ, ўзим телефон қиламан, кутинг (безор бўлган бошлиқ).
– Вой-бў, касалингиз жуда жиддий-ку, ётмасангиз бўлмайди. Бугуноқ ётқизамиз сизни (бойвучча беморни текшираётган шифокор).
– Бирон марта бировнинг ҳаққини шу креслода ўтириб еган бўлсам, тешиб чиқсин... (амалдорнинг прокурорга айтган гапи).